Алишер Навоийнинг ижоди ранг-баранглиги, замон ва маконларни ўз измига бўйсундирганлиги, сўз қудрати ва унинг гўзал ўзбекона ифодаси сифатида умумбашарият мулкига айланганлиги рад этиб бўлмас ҳақиқатдир. Бу муаззам ижодни ўрганиш, тадқиқ ва талқин этиш Алишер Навоийнинг ҳаётлиги даврларидаёқ бошланган бўлиб, ўтган беш ярим аср давомида сўз санъати билан шуғулланадиган кўплаб олим ва ижодкорлар турли шаклда Алишер Навоий меросини ўқиб-ўрганиш ва бошқаларни ҳам баҳраманд қилишга ҳаракат қилганлар. Шоир ижодини ўрганиш, тадқиқ ва талқин этиш шоир ҳаётлиги даврларидаёқ бошланган бўлиб, ўтган беш асрдан кўпроқ вақт давомида сўз санъати билан шуғулланадиган кўплаб олим ва ижодкорлар турли шаклда унинг меросини ўқиб-ўрганиш ва бошқаларни ҳам баҳраманд қилишга ҳаракат қилганлар. Навоий ижодини бор бўй-басти билан, холислик ва илмийлик мезонларига мос ҳолатда ўрганиш ва ўргатиш имконияти истиқлол шарофати билан янада кенгайдики, бугун биз шоир адабий меросини нафақат ўзбек адабиёти ва адабиётшунослигида, балки дунё адабиётшунослигидаги талқин ва тадқиқлари билан танишиш, унинг ижодини ҳозирда ўрганувчи олимлар, таржимонлар, тадқиқотчилар билан бевосита мулоқотлар олиб бориш имкониятига эгамиз.
Бугун дунёнинг турли илм ва маърифат масканларида Алишер Навоий ижодига, унинг босиб ўтган ҳаёт йўлига бўлган қизиқиш, уларни тадқиқ этишга иштиёқ, шоир ижоди ва фаолияти инсониятга ва маърифатга хизмат қилишнинг ноёб намунаси сифатида дунё адабий ва маданий ҳаётида кенг тарғиб этилиб ўрганилмоқда.
Худди ана шу имкониятлар доирасида куни кеча Недерландияда ташкил этилган Алишер Навоий номидаги адабиёт, маданият ва санъат маркази ва Недерландиялик бир қатор журналистлар ҳамкорлигида “Низомий Ганжавийдан Алишер Навоийга” мавзусида онлайн давра суҳбати бўлиб ўтди. Давра суҳбатида Ўзбекистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Эрон, Туркия ва Недерландиялик олимлар, ёзувчи ва шоирлар, маданият ва санъат ходимлари иштирок этишди. Давра суҳбатида Алишер Навоий ва Низомий Ганжавий ижодининг туркий адабиёт ривожига қўшган ҳиссаси, икки буюк шахсиятнинг дунё адабиётидаги ўрни, улар асарларининг таржималари, таржима ва тадқиқдаги муаммолар ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Дарҳақиқат, Алишер Навоий ижодини жаҳон миқёсида ўрганилиши, тадқиқ этилиши ҳар жиҳатдан бизнинг навоийшунослик илмимизни бойитади. Чунки Алишер Навоий ижодиёти қандай ракурсда тадқиқ қилинаётганини кенгроқ билишга ва маҳаллий тадқиқотлар билан дунё миқёсида олиб борилаётган тадқиқотларни қиёслаш имконияти пайдо бўлади ҳамда бу нарса, шубҳасиз, навоийшунослигимизнинг назарий савиясини кўтаришга бевосита хизмат қилади.
Гулноз Сатторова